Jump to content

Рембрандт

From Vikipediya
Рембрандт Ҳарменсзоон ван Рижн

Автопортрет. Рембрандт (1661).
Ҳақиқий исмиРембрандт Ҳарменсзоон ван Рижн
Таваллуди 15-июл 1606-йил
Леиден, Голландия
Вафоти 4-октябр 1669-йил(1669-10-04)
(63 ёшда)
Амстердам, Голландия
Миллати Голланд
Соҳаси Бадиий тасвир, графика
Машҳур суратлари Данаë, 1636

Жаcоб де Гҳейн ИИИ, 1632
Др. Ниcолаэс Тулп'нинг Анатомия Дарси, 1632
Белшаззар Базми, 1635
Тунги Назорат (расм), 1642

Рембрандт Ҳарменсзоон ван Рижн (15-июл, 1606 – 4-октабр, 1669) голландиялик рассом ва офортчи бўлган. У Европа бадиий тасвир тарихидаги энг муҳим мусаввирлардан ҳисобланади. Голланд санъатининг энг гуллаган даври ХВИИ аср 40-60-йилларига тўғри келади. Бу буюк голланд рассоми Рембрандт ижодида намоён бўлди. Рембрандт голланд санъатининг ютуқларини умумлаштириб, уни янги юксак поғонага кўтарди. Унинг ижоди теран, ғоявийлик ва чуқур мазмун, образларининг ғоят маҳорат билан ишланганлиги билан эътиборни тортади. Рембрандт ўз даври санъаткорларидан асарлари мавзусининг ранг баранглиги билан ҳам, ранг тасвир, гравюра (офорт) ва қалам-суратда юксак асарлар ярата олиши билан ўзиб кетди. Рембрандт ижодининг асосий мавзуси-инсон, ҳаёти, унинг ички манавий дунёси, ҳис-туйғу ва кечинмаларининг ранг-баранглигидир. Унинг қаҳрамонлари кучли иродага эга, маънавий бой, оғир шарт-шароитда ҳам инсонийлик фазилатларини сақлай оладиган шахслардир. Рембрандт 1606-йили Лейден шаҳрида тегирмончи оиласида туғилган. Шу ерда лотин мактабини тугатгач, Лейден университетига қабул қилинди. Лекин Рембрандт у ерда 1-йилча ўқиди холос. Рассомликка бўлган қизиқиши туфайли Яков Сваненбюрх деган ўртаҳол рассом устахонасида 3-йил, кейинроқ эса Амстердамда Питер Ластман устахонасида 1,5-йилча тасвириёт асосларини ўрганди. Сўнг рассом ўз шаҳрига қайтди. 1625-йили Рембрант ўз устахонасини ташкил этди. Унинг ижодининг дастлабки босқичи 1632-йилгача давом этган. Бу йилларда рассом ҳаётий, маиший ва диний мавзуларда асарлар яратди, портрет устида ишлади, автопортретга эътибор берди. Унинг ўша даврларда ишланган асарларида гоҳ Ластман, гоҳ қараважочилар таъсири сезилади. 20-йиллар охири ва 30-йиллар бошларида рассомнинг ўзига хос дастхати пайдо бўла бошлади. Унинг қаҳрамонлар маънавий дунёсини очишга интилиши орта бошлаган. Рассом нур-соя имконияти, ранг суртмаларининг руҳий кучига алоҳида эътибор қаратган. Улар образнинг ҳажмли ва фазовий тасвирига хизмат қилибгина қолмай, балки асарнинг таъсирчанлигини очиришда ҳам муҳим воситага айланган. Унинг бир фигурали „Апостол Павел“ композицияларида бу хусусиятлар кўринади. Рассом бу йилларда, айниқса, автопортрет соҳасида кўп меҳнат қилди. У инсон мимикаси ва унинг киши ички дунёси билан алоқасини тушиниб олишга ҳаракат қилди. У офорт санъатида дастлабки машқларини бошлайди. Санъаткор 1632-йили Амстердамга кўчиб келди ва тезда энг машҳур рассомга айланди. Буюртма ишларининг кўпайиб бориши унинг моддий томондан мустақил бўлиб, атрофига шогирдларини тўплашига имконият яратди. Амстердамлик бир бой зодагоннинг Саския исмли қизига уйланиши унинг моддий жиҳатдан мустақиллигини янада мустаҳкамлади. Рассомнинг бу йилларда яратган асарлари кўтаринки руҳда ишланган. У композицияларини ёрқин бўёқларда тасвирлайди. Қимматбаҳо буюмлар, гул ва биллурлар, либослар унинг яратган асарларга қувонч ва шодлик туйғуларини бағишлади. Рембрандт қайлиғи Саскияни гул ва кимхоб либосларда табиат ва гўзаллик маъбудаси Флора образида тасвирлайди. Рассомнинг шу йиллардаги бахтли дамларини унинг „Саскияни тиззасида олиб ўтирган ҳолда ишлаган автопортрети“ (1636-йил) асари акс эттиради. Рембрандтнинг Амстердамда яратган дастлабки йирик асари „Доктор Тюлпнинг анатомия дарси“ (1632-йил) унга катта шухрат келтирди. Докторни ўраб турган врачлар гуруҳини акс эттирувчи бу асар композицияси ҳаётий чиққан. Рассом тасвирланувчи ҳар бир образнинг ўзига ҳос қиёфасини яратиш билан бирга, уларнинг анатомия дарси машғулотларидаги психологик ҳолатини ҳам очишга ҳам муваффақ бўлган. Тасвирланувчилар орасида дотор Тюлпнинг кенг силуэти ва қўлининг эркин ҳаракати кўрсатилган композицияни марказлаштиришга ва ҳамма образларнинг ягона ғоя атрофида бирлаштиришга ёрдам берган. Композициянинг яхлит ва тугал бўлишида нур-соя ҳам муҳим ўрин тутган. Нур композиция марказини янада аниқ бўлишига, доктор Тюлп атрофидагиларнинг ҳолат ва характери табиий бўлишига имкон берган. Рассом 1630-йилда графика билан жиддий шуғуллана бошлади. Унинг офортлари Инжил ва Тавротдан олинган сюжетларга ишланган. Қалам суратлари ҳам ўзининг нафис ва юксак маҳорат билан ишланиши жиҳатидан ажралиб туради. Шу йилларда рассом ижодида реалистик тамойиллар чуқурлашиб боргани сезилади. Бу, айниқса, мифологиядан олинган сужетга ишланган „Даная“ суратида яққол намоён бўлади. Инсон қомати пластикасини, дуҳоба сингари майин аёл бадани терисининг гўзаллигини рассом юксак маҳорат билан тасвирлайди. 1640-йиллардан бошлаб, Рембрандт ижодида янги давр бошланди ва бу давр 1655-йилгача давом этди. Ҳаёт ҳақиқатини тўлиқ кўрсатишга интилиш, психологик масалаларга қизиқишнинг ошиб бориши рассомнинг эркин услубда ижод қилишига ва уни йирик, ўзига ҳос услубга эга ижодкор даражасига кўтарилишига олиб келди. Рассом шу йилларда ижодий камолот чўққисини эгаллаб, инсонийлик ғоялари билан суғорилган чуқур фалсафий асарлар яратишга эришди („Муқаддас оила“ (1645-йил), „Дераза олдида турган Хендрике“ (1645-йил), „ Ян Сикс портрети“). Шу йиллардан рассом қаламсуратда ҳам ажойиб асарлар яратди. Бироқ рассом ҳаётининг сўнги ўн йилини ниҳоятда қашшоқлик ва хорликда ўтди. Қарзларини ўз вақтида тўлай олмаслиги туфайли ўзи яшаб турган жойини ташлаб, камбағаллар яшайдиган кварталга к`очиб ўтишга мажбур бўлди. Бу йилларда унинг ўгли Титус ва иккинчи хотини ҳам вафот этишди. Шундай хорлик ва зорликда қолганида ҳам санъаткор „Синдийлар“ (Сукно ишлаб чиқариш сехининг бошлиқлари), „Ассур Омон ва Эсфир“, „Адашган ўғилнинг қайтиши“ (1669-йил) каби юксак маҳорат билан ўткир психологик асарлар яратди. „Адашган ўғилнинг қайтиши“ рассомнинг сўнги етук асаридир. Библиядан олинган сюжетга рассом кўп мурожаат қилган. Мазкур мавзуда офортлар ҳам ишланган. Лекин унинг ранг тасвирдаги асарлари ўзининг психологизми ва инсонпарварлик руҳига йўғрилгани билан ажралиб туради. Отаси оёғига йиқилган оғил ва уни оталик меҳри билан қаршилаётган ота образи кишида чуқур ҳис-ҳаяжон уйғотади. Отанинг ўз оғли қилмишларини кечириб, унга меҳр ва ачиниш билан боқишида рассом ҳаёт йўли ниҳоҳат машаққатли эканлигини зўр маҳорат билан очиб беради. Отанинг қўллари ҳаракатида унинг меҳрибонлиги сезилиб туради. Аксинча, ўғилнинг ялангоёқ, кир, йиртилган, жулдур кийимда тиз чўккан ҳолатда тасвирлаб, афсусланишни акс эттиради. Композицияда тасвирланган бошқа овразларнинг сокин, осойишта, чуқур ҳаёлга чўккан ҳолатлари аниқ кўрсатилиши бўлаётган воқеа мазмунан тўлиқроқ ҳис этишда муҳим аҳамият касб этади. Рембрандт қаламсурат ва офортчи сифатида ҳам машҳур. Унинг офортлари ўзининг ғоявий йўналиши, юксак маҳоратни намоён этиши жиҳатидан унинг рангтасвирда яратган асарлари билан бир қаторда туради. У офорт санъатида кичик ҳажмли лирик планда ишланган суратларини ҳам, кўп фигурали маиший жанрдаги асарларини ҳам яратди. Офортда ишланган портретлари ҳам унинг ижодида алоҳида ўрин эгаллаган. Рембрандт ижодининг аҳамияти Голландия учун беқиёс бўлди. Рембрандт реализимининг қудратли кучи шу давр рассомларини ўзига жалб этади. Кейинги санъат тараққиётида ҳам муҳим рол ўйнади.

Рембрандт Ҳарменс ван Рейн (Рембрандт Ҳарменсз ван Рижн) (1606.15.7, Лейден – 1669.4.10, Амстердам) – голланд рассоми; голланд ва жаҳон реалистик рангтасвирига кучли таъсир кўрсатган мўйқалам, раcм ва гравюра устаси. Р. ижоди воқеликни ва инсон ички дунёсини унинг барча руҳий кечинмалари билан теран фалсафий идрок этиш билан йўғрилган. Р.нинг новаторлик санъати образларнинг ҳаётийлиги билан ажралиб туради.

Р. Лейден университетида қисқа муддат таҳсил кўргач (1620), ўзини санъатга бағишлади. Лейденда Я. Ван Сваненбюрх (1620—23) ва Амстердамда П. Ластман (1623)дан рангтасвирни ўрганди. 1625— 31 йиллар Лейденда ишлади, бу давр ижодий изланишлар даври бўлди. „Авлиё Павел“ (тахм, 1629—30) ва „Симон ибодатхонада“ (1631) асарларида Рембрандт. илк бор ўзининг образларнинг кўтаринки ва ҳиссий жўшқинлигини ифодалашда нурсояни қўллади; портрет устида изланди, кўплаб автопортрет ва портретлар туркумини яратди.

1632-йилдан Амстердамда яшаган. 30-йилларда яратган асарлари („Доктор Тюлпнинг анатомия дарси“, 1632; „Саския билан автопортрет“, 1635 ва бошқалар)да гуруҳ портрет яратиш масаласини янгича ҳал этди, ҳаёт завқи, кишилар кайфиятини катта маҳорат билан ифодалади. Буюртма портретларни ўта аниқ, ижтимоий хусусиятлари билан ишлаган рассом яқинларининг портретларини чизишда, асарнинг руҳий ва таъсирчанлигини оширишда эркин ижод қилди. 40-йилларда Р.нинг эркин интилишлари, реализми, демократиклиги голланд киборларининг талабларига зид келади, айниқса, ватанпарварлик кайфияти акс этган асарлари (жумладан, „Тунги соқчилар“, 1642)дан кейин зиддият янада кучаяди. 40-йилларда Р. ижодидаги ташқи таъсирчанлик ва унга хос бўлган жўшқинлик йўқолди, сокин, иликлик билан йўғрилган асарлар яратилди („Давид ва Ионафан“, 1642; „Мукаддас оила“, 1645 ва бошқалар), уларда ички кечинмалар, меҳнат аҳлининг кўрки, маънавий бойлиги, табиат манзараси жозибадор акс эттирилди. Р. графикасида ҳам рангтасвирида бўлганидек нозик нурсоя ўйини алоҳида эмоционал муҳит яратишда катта аҳамиятга эга бўлди („Беморларни даволаётган Исо“ ёки „100 гулденлик қоғоз“ графика варағи, тахминан 1642— 46; ҳаво ва нур ҳаракатига тўлиқ манзарали „Уч дарахт“ офорти, 1643).

50-йиллардаги ҳаётининг оғир синовлари даврида Р.нинг ижодий баркамол даври намоён бўлди. Кўпроқ портрет жанрига мурожаат қилган рассом ижодида оддий одамлар кенг ўрин ола бошлади (2хотини Хендрике Стоффелс портретлари; „Ўғлим Титус мутолаада“, 1657; „Бургамистр Ян Сикс“ 1654 ва бошқалар), армон ва йўқотишларга тўлиқ кексалар ҳаёти унинг диққатини тортди („Рассом акасининг хотини“, 1654; „Қизил кийимдаги мўйсафид“, тахминан 1652—54 ва бошқалар), қўл ва юз қиёфаларига эътиборини қаратади, образларнинг қоронғиликдан майин нур оғушида чиқиб келиши орқали рассом образларнинг теран руҳий ҳолатини беришга эришади.

60-йилларда инжил мавзуидаги композицияларида ўта драматик ҳолатларга мурожаат қилади („Ассур, Аман ва Эсфир“, 1660; „Давид ва Урия“, 1665 ва бошқалар), „Адашган ўғилнинг қайтиши“ (тахминан 1668—69) асарида инсонга хос англаш, қайғуриш ва кечиримлилик ҳисларини ифодалаган. Р. бадиий мероси ўта рангбаранглиги билан ажралиб туради[1].

Манбалар

[edit | edit source]
  1. ЎзМЕ. Биринчи жилд. Тошкент, 2000-йил